"Хоҳласанг агар” қўшиғини премьера қилган хонанда, йўғэ, актёрнинг ҳаяжони катта. Улуғбек Қодиров яхши актёр сифатида ўзини намоён эта олди. Эндиги йўл куйлаш! Балки, Қодиров болалик орзуларини рўёбга ошириш илинжидадир ёҳуд овоз имкониятларини синаб кўриб, кенг қиррали ижодкор эканлигини исбот этишга интилаётгандир? Нима бўлганда ҳам, у бу борада қай даражада муваффақият қозонади, муҳими, дадил қадамлар ташлай олди. Балки, ҳамкасби Алишер Узоқов, Фаррух Сойтиповларга ҳавас қилгандир? Куйлаш касбга боғлиқ бўлмай қолди. Етарли даражада машҳурликка эришганлари ҳам талай. Бир пайтлар "Ипподром”да кийим-кечак сотган савдогар Жаҳонгир Отажоновни олайлик. У жонли ижро "қирол”ига айланишга улгурди. Сардор Раҳимхон-чи? Санжар фаолиятини радиодан бошлаганди. У бугун хизмат кўрсатган санъаткор...Примадонна ҳам бир гал "сиз ҳам қўшиқ куйланг” дея маслаҳат берганда, ғалати туюлганди. Бироқ, бунинг изоҳини Юлдуз Туркияда телебошловчию журналистлар ҳам хониш қилаётгани билан тушунтирганди! Ажабмас, биз бўлмасак ҳам, бирон журналист ҳам микрофон ушлаб, "Фиғонгим гардиши даврон”ни маромига етказиб, мухлис орттирса?! Улуғбекка тилагимиз, куйланг, баралла куйланг, фақат яхши тарона бўлсин!