Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Рахимхоннинг "Моҳитабоним” қўшиғи радиоларда янграши биланоқ, анча муваффақиятга эришди. Бу қўшиқ хақида илиқ фикрлар эшитмоқдамиз. Лекин кўпчилик "Моҳитабоним” клипи қачон чиқиши билан қизиқяпти. Сардор Раҳимхон ҳар доим ўзининг кутилмаган лойиҳалари, сифатли клиплари ҳамда нозик диди билан бошқалардан ажралиб турган. Бу гал ҳам Сардор барчани лол қолдиришга бел боғлаган. "Нима учун” клипи билан йилнинг энг яхши клипмейкери бўлган Наримон Султохўжаев режиссёрлик қилаётган "Моҳитабоним” клипида бош ролни Ўзбекистон халқ артисти Убайдулла Омон ўйнаётганининг ўзи бунга исбот бўла олади. (Эслатиб ўтамиз, Убайдулла Омон бундан олдин клипларда суратга тушишдан бош тортган.) Сардор Раҳимхоннинг клипида сиз икки мега-юлдузни умуман, кутилмаган қифада кўришга муваффақ бўласиз. Ҳозиргача маълум бўлгани, клипда Убайдулла Омон Сардор Раҳимхоннинг қариган пайтини талқин этади. Қолаверса, ҳар доим хушбичим кийинган, сочлари таралган севимли хонандангизни сиз энди мутлақ танимайсиз. Уни ишқ бобидаги дарвешга ҳам, Мажнуни Девонага ҳам ўхшатишингиз мумкин. Кутамиз, навбатдаги ажойиб янгиликни!