Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 31 июлдаги "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзда ўтказиш тўғрисида”ги 293-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши таъқиқланган ва чегараланган психотроп ҳамда наркотик воситалар рўйхати тасдиқланган. Шунингдек, ушбу қарор билан психотроп ва наркотик воситаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва муомалага киритиш тартиби белгилаб қўйилган. Қолаверса, Халқаро почта Конвенциясининг 15-моддасига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва наркотик воситаларнинг юборилиши қатъиян таъқиқланган. 2011 йилда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан психотроп ва наркотик воситаларнинг почта жўнатмалари орқали юборилиши билан боғлиқ жами 10 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, натижада 1080 дона психотроп таблеткалар ва наркотик моддаларнинг олиб кирилишига чек қўйилган. 2012 йилнинг ўтган даври мобайнида бу кўрсаткич 7 та қонунбузарлик ҳолатида 757 дона психотроп таблеткалар ва наркотик моддалардан иборат бўлган. Аниқланган ҳолатларнинг 12 таси бўйича жиноий иш қўзғатилган, 4 таси бўйича эса маъмурий ишлар юритилган, 1 та ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.